Каримов БМТ саммитида иштирок этади

  • Замира Шукур

Айрим кузатувчиларга кўра¸ Каримовнинг БМТ йиғинларига эълон қилган норасмий бойкотларининг бекор этилишида шу йил Тошкентга сафар қилган БМТ жорий Бош котибининг роли катта.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов БМТ Бош ассамблеясининг Минг йиллик тараққиëт дастури муҳокамасига бағишланган олий даражали йиғинида маъруза қилади. Бу эса¸ Ўзбекистон раҳбарининг кейинги 10 йил давомида БМТ йиғинида илк бор иштирок этиши бўлади.

Ўзбекистон БМТ нинг 20-22 сенябр кунлари Ню Йоркдаги бош қароргоҳида бўлиб ўтадиган Минг йиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган саммитида бу мақсадларга эришиш йўлидаги ўз прогресси ҳақида ҳисоб беради¸ деб ëзди БМТ нинг Тошкентдаги Ахборот маркази.

БМТнинг бу мақсадлари эса¸ 2015 йилга қадар дунë бўйлаб қашшоқлик¸ очлик¸ юқумли касалликлар эпидемияси¸ оналар ва болалар ўлимини сезиларли равишда камайтиришни назарда тутади.

Айни пайтда¸ 22 сентябр куни давлат раҳбарлари даражасида бошланадиган БМТ Бош ассамблеяси йиғинида¸ Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари борасида перзидент Ислом Каримовнинг нутқ қилиши кутилмоқда.

Бу хабарни Озодликнинг БМТ бош қароргоҳидаги мухбири Николай Крастев тасдиқлайди:

- БМТ бош ассамблеясининг 22 сенябр куни бошланадиган олий даражали муҳокамалари дастурига кўра¸ бу йиғинда Ўзбекистон давлат раҳбари – президент Ислом Каримов маъруза қилади. Бу эса¸ адашмасам¸ Тошкент раҳбарининг кейинги 10 йил ичида БМТ минбаридан туриб қиладиган илк чиқиши бўлади. Каримов сўнгги бор БМТ нинг 2000 йил сенябр ойидаги Минг йиллик саммитида қатнашган ва шундан бери Ўзбекистон номидан БМТ да¸ асосан¸ мамлакат Ташқи ишлар вазири чиқиш қилиб келаëтган эди¸ дейди Озодликнинг БМТдаги мухбири.

Бош ассамблея йиғини дастурига кўра¸ Ислом Каримов Бразилия ва АҚШ президентлари билан айни кунда чиқиш қилади¸ деб қўшимча қилади мухбиримиз.

Ўзбекистонлик сиëсатшунос Камолиддин Раббимов¸ Каримовнинг 10 йиллик бу танаффуси¸ Тошкент билан Ғарб ўртасида давом этган узоқ йиллик совуқчилик маҳсули эди¸ дер экан¸ Ўзбекистон президентининг яна Ню Йоркка йўл олганини¸ халқаро сиëсатдаги устивор йўналишларнинг ўзгаргани¸ шунингдек Каримовнинг БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан ўрнатган яқин алоқалари ифодаси¸ сифатида талқин этади.

- Бунинг сабаблари кўп эди. Улардан биттаси бу Андижон воқеалари ва шу воқеалар билан боғлиқ ҳолдаги Ўзбекистон атрофидаги вазият эди. Лекин мана кейинги пайтларда Ўзбекистон ва БМТ, умуман Ўзбекистон ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар илиқлашаяпти. Айнан БМТ ва унинг Бош котиби ўртасидаги муносабатлар илиқлашувига, менинг назаримда, Қирғизистон воқеалари сабаб бўлди. Айнан ўша июн воқеаларида Каримов бир неча марта Бан Ки Мун билан телефонда боғланди ва ҳаттоки Бан Ки Муннинг Ўзбекистонга келиб кетишини тақозо қиладиган вазият пайдо қилди, дейди Камолиддин Раббимов.

БМТ Бош ассамблеясининг 2000 йил 8 сенябр кунги саммитида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти¸ гарчи йиғин қашшоқлик ва очликка қарши глобал кураш масалаларига бағишланган бўлсада¸ иштирокчилар диққатини халқаро хавфсизлик муаммолари¸ биринчи галда Афғонистоннинг нафақат Марказий Осиë¸ балки бутун дунë хавфсизлиги учун асосий таҳдид ўчоғига айланганига қаратган эди.

Орадан ўтган 10 йил¸ Ўзбекистон раҳбари баëнотини қувватловчи воқеаларга бой бўлди ва АҚШ ва НАТО¸ қолаверса Осиë давлатлари Афғонистонда яратилган экстремизм ва террор ўчоғини бартараф қилишни ўз устивор вазифаларидан бири деб белгилади. Шу боис 22 сенябр куни Ислом Каримов БМТ Бош ассамблеясига донишманд ва узоқни кўзловчи сиëсатчи сифатида кириб бориши ва ҳатто ўзининг 10 йил бурунги маърузасидан иқтибослар келтириши мумкин.

Аммо¸ дейди бундай қарашдаги кузатувчиларга жавобан Камолиддин Раббимов¸ ўтган 10 йил давомида Каримов глобал ҳамжамият учун устивор мақсад бўлиши лозим деб маслаҳат берган хавфсизлик илдизлари Ўзбекистоннинг ўзида бўшашиб қолди:

- Менинг назаримда, Каримов олдига қўйган аксарият вазифаларни уддалай олмаганлигини, Ўзбекистон бугунги кунда банкрот давлат эканлигини, хавфсизлик ҳам, иқтисод ҳам, сиëсий – ҳамма соҳаларда Ўзбекистоннинг муаммолари камаймаганлиги ва ҳаттоки кўпайганлигини ўзи ҳам англайди. Лекин бу ҳақда у гапира олмайди. Ўзбекистонда ривожланиш ҳам бўлаяпти, лекин бу ривожланиш ўрта ва кичик бизнесдаги ривожланиш. Бу Ўзбекистон аҳолисининг 5 фоизигамикан, 10 фоизгимикан алоқадор холос. Айни пайтда 30 фоиздан зиëд аҳолимиз қашшоқ яшаяпти¸ дейди Раббимов.

Албатта¸ 22 сенябр куни Тошкент раҳбарининг БМТ минбаридан туриб¸ таҳлилчи тилга олган муаммолар ҳақида эмас¸ балки Ўзбекистоннинг аксинча Минг йиллик ривожланиш дастури бўйича эришган ютуқлари ҳақида гапириши ва бу борада Ўзбекистон моделини бошқаларга тавсия қилишини кутиш ўринлироқ бўлади.

Айни пайтда¸ Озодликнинг Ню Йоркдаги мухбирига кўра¸ Ислом Каримовнинг бу шаҳарда АҚШ бизнес гуруҳлари намояндалари билан учрашиб¸ уларга ҳам Ўзбекистондаги ривожланиш ҳақида гапириб бериши кутилмоқда.

Шунингдек¸ 10 йиллик танаффусдан сўнг БМТ саммитига келаëтган Каримовнинг¸ бу йиғинда қатнашадиган 120 дан ошиқ давлат раҳбарларидан айримлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши ҳам кутилмоқда.