Исроил-Фаластин тинчлик музокаралари давом этмоқда

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Қуддусда Исроил-Фаластин ўртасидаги бевосита музокараларда иштирок этмоқда.

14 сентябр куни Клинтон хоним Мисрнинг Шалм аш-Шайх шаҳрида Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан музокара ўтказди.

Фаластинликлар агар Ғарбий соҳилга яҳудийлар учун янги турар жой бинолари қуриш тўхтатилмаса, музокараларни тарк этиш билан таҳдид қилган.

Исроил эса, қурилиш учун жорий қилинган мораторий муддати шу ой охирида тугаганидан сўнг у узайтирилмаслиги, бироқ қурилиш кўлами чекланишини айтмоқда.

20 ойдан бери тўхтаб қолган Исроил-Фаластин ўртасидаги бевосита музокаралар 2 сентябр куни Вашингтонда қайта бошланган эди.