ХВЖ Покистонга 451 миллион доллар кредит беради

Халқаро валюта Жамғармаси ижроия қўмитаси Покистонга сув тошқинлари оқибатларини тугатишга ёрдам бериш учун 451 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз беришга қарор қилди.

- Бу ҳам инсоний, ҳам иқтисодий оқибатлар нуқтаи назаридан кенг кўламли фожиадир. Сув тошқинлари 19 миллион аҳолига салбий таъсир этди. Бу мамлакат аҳолисининг 10 фоизи. Икки миллион уй вайрон бўлди. Биз табиий офат қишлоқ хўжалик соҳасига жиддий таъсир этишини биламиз. Биз бу йил Покистон иқтисодиётидаги ўсиш 4,5 фоиз бўлиши ҳақидаги тахминимизни қайта кўриб, уни 2,75 фоизга камайтирдик, - деди Халқаро валюта жамғармасининг Покистондаги миссияси раҳбари Аднан Мазарей.

Сув тошқинлари рўй берганидан сўнг Жаҳон банки ҳам табиий офат оқибатларини тугатишда ёрдам бериш мақсадида Покистон ҳукуматига бир миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган.