Туркия ва Эрон савдо алоқаларини кенгайтириш ниятида

Туркия бош вазири 16 сентябр куни тадбиркорларга Туркия беш йил ичида Эрон билан савдо ҳажмини уч баробарга кўпайтириш ниятида эканини баён қилди.

Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Эрон Вице президенти Муҳаммад Риза Раҳимий бугун Истанбул шаҳрида юздан ортиқ тадбиркор иштирокидаги Туркия-Эрон бизнес форумини кузатдилар.

Раҳимий форум қатнашчиларига ўз мамлакати Туркия билан барча савдо тўсиқларини олиб ташлаш масаласи борасида ишлаётганини айтди.

Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми кескин кўпайиб, ўтган йил 10 миллиард АҚШ долларига етди.

2000 йилда Туркия-Эрон ўртасидаги савдо бир миллиард долларни ташкил этган.

Туркия ва Эрон ўртасида савдо ҳажмининг ошиши Теҳроннинг мунозарали ядровий дастури борасиди Эронга қарши халқаро санкциялар жорий қилинган пайтга тўғри келмоқда.