Тўртлик Исроилни мораторий муддатини узайтиришга чақирди

Яқин Шарқдаги тинчлик жараëнига воситачилик қилаëтган тўртлик - Европа Иттифоқи, Россия, АҚШ ва БМТ расмийлари Исроилни Ғарбий соҳилда яхудийлар учун уй-жой қурилишига жорий этилган мораторий муддатини узайтиришга чақирди.

Тўртлик тарафидан билдирилган баёнотда ўн ойлик мораторий Яқин Шарқ тинчлик жараёни учун ижобий таъсир қилгани ҳақда таъкидланади.

Ўтган йили Исроил АҚШ босимлари остида Ғарбий соҳилда яҳудийлар учун уй-жойлар қуришни 10 ойга тўхтатган эди. Бу муддат шу ой охирида тугайди.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос мораторий узайтирилмаса АҚШ воситачилигида қайта бошланган Исроил-Фаластин тинчлик музокараларидан чиқиши ҳақида огоҳлантирган.