Шарқий Тимор президенти Аҳмадийнажотни беадабликда айблади

Шарқий Тимор Президенти Хозе Рамос Ҳорта Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг 2001 йил 11 сентябр воқеалари ортида АҚШ ҳукумати вакиллари ва махсус хизматлари турган бўлиши мумкинлигига оид баёнотини қоралади.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Рамос Ҳорта БМТ Бош Ассамблеясида қилган чиқишида Эрон етакчисиинг баёнотини “беадаблик”, деб атади.

Рамос Ҳорта Теҳрон раҳбари бу баёноти билан худди Икккинчи жаҳон урушида яҳудийларнинг оммавий қатл қилингани фактини шубҳа остига олганидек, яна “чуқур кетди”, деди.


- Албатта, Аҳмадийнажот ўз салоҳияти имкон бергани қадар келган интеллектуал, фалсафий ёҳуд теологик топилмаларга ишониш ва буни ташқарига чиқариш ҳуқуқига эга. Аммо, мен бирор бир давлат етакчисининг бу олий мартабали йиғиннинг ўрнатилган тартиб қоидаларини бузиши ва бу йиғинда бундай номақбул гапларни гапириш ҳаққига эга, деб ҳисобламайман. Аҳмадийнажотнинг Жаҳон савдо марказига уюштирилган ҳужумлар ҳақидаги гапларига келсак, бу шунчаки, беадабликдир”, деди Шарқий Тимор президенти.

Бу Аҳмадийнажотннинг БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқига нисбатан қилинган энг кучли танқид бўлди.

Айни пайтда Рамос Ҳорта Эроннинг тинч мақсадлар йўлида ўз ядвровий дастурига эга бўлиши ҳаққини қувватлашини таъкидлади.


Рамос Ҳорта Шарқий Тимор мустақиллиги учун қилган уринишлари учун 1996 йилда Нобел Тинчлик мукофотига сазовор бўлган эди.