Муҳожир овози - Подшо нима қилишини ўзи билади

Москвадаги ўзбек мардикорлари ишдан ҳайдалган Лужковдан кейинги ҳокимдан яхшилик бўлишидан умидвор.


Лужковдан кейингиси нима қилиб беради?


Москва ҳокими Юрий Лужковнинг ишдан олингани борасида Россия пойтахтида меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари нима дейди? Муҳожир овозининг бугунги сонида улар фикрларига ўрин берамиз.

Россия пойтахти Москвада бугунги кунда минглаб ўзбекистонлик меҳнат қилади. Улардан бири фарғоналик Расулжон ака.

- Менинг фикримча, биласизми яхши бўлди. Яхши бўлганлиги шуки, Лужков айниқса Ўзбекистон ва Тожикистондан келган бизга ўхшаган ишчиларга қарши эдида.

Озодлик: Нима билан қарши эди?

- Мен биринчи сафар келган пайтимда, мен Москва вилоятида узоқ йиллардан бери ишлайман, уч кунлик регистрацияни мана шу одам ташкил қилган. Совет иттифоқи тарқаб кетгандан кейин биринчи марта Лужков Москва шаҳрига уч кунга, билет билан келдингизми уч кун регистрациясиз юришингиз мумкин, уч кундан кейин чиқиб кетишингиз керак, Россиянинг бошқа вилоятларида бунақа воқеа бўлмаган ҳеч қачон. Лужков чиқаргандан кейин бутун Россияга тарқаб кетди. У ташқаридан келган меҳнат муҳожирларига доимий қарши бўлиб келган.

Озодлик: Москвага келадиган янги раҳбариятдан нима умид қилаяпсизлар?

- Умидимиз энди биз доим яхши ният қиламиз. Унга бизга яхши кўз билан қараш насиб қилган бўлсин. Бизга яхшироқ муносабатда бўлса, поездда келишимиз билан милиция кутиб олмасдан, Қозон вокзалида поезддан тушишимиз билан милициялар кутиб оладида. Яна милицияларнинг порахўрлиги бор. Қаерда ўзбек ëки тожикни кўрса, дарров тўхтатади. “Тек қўйиб беринглар. Булар ишлаяптию”, дейдиган одам келишини хоҳлаймиз, дейди фарғонлик Расулжон ака.

Қашқадарёлик Равшан ака эса Лужковнинг ишдан олиниши меҳнат муҳожирлари учун ҳайрли бўлармикин, дея савол беради.

- Ўзи любойини ишдан олиб туриш керак агар тилло туғиб турса ҳам. Томир чуқур кетиб қолса, чопиш қийин бўлади. Қийналади булар. Лужков ҳали кўрсатади. Москва фактический Лужковнинг шахсий мулки ҳисобланади. Любой директор, инженер Лужковнинг рухсатисиз бир нарса қила олмайди. Бечора яхши одам эди лекин. Ишлайдиган эди.

Озодлик: Нимаси билан яхши эди?

- Разрешение на работу, регистрацияларга доимо қўшилиб турувчи эди. Ëмонлик қилмас эди гастарбайтерларга. Яхшилиги тегса тегади, ëмонлик қилмайдиган эди. ЖКХ системасида ҳам полний гастарбайтерлар ишлайдида. Бу системада ўзбек, тожик, қирғиз, молдован, украинлар ишлайди. Ўрислар кам. Мана бизлар ишлаëтган жойда ҳам тўртта москвич бор. Қолган бари келгинди. Мен ҳам шу соҳада ишлайманда. Ойликни вақтида беради. Шу соҳа ҳам Лужковнинг нимаси билан бўлаëтган эдида. “Тегманглар. Ишлайверишсин. Бу соҳада барибир москвичларни ишлата олмайсан”, дегувчи эдида. Ўрислар қўлини совуқ сувга урмайдиган ишда ишлайди. Шофëр бўлади, прораб бўлади. Оғир ишларнинг барчаси гастарбайтерларга.

Барибир ака любойини алмаштириб туриш керак. Ҳеч бўлмаса тўрт-беш йилда алмаштириб туриш керак. Одамнинг пули кўпаявергандан кейин қилиқлари ҳам кўпаяверади. Химкинский лесга йўл қурамиз дегани Лужковнинг бошига етди. Бир нечта журналистлар жабр кўрди. Биттаси ўлди чоғи. Бирини операция қилиб қутқариб қолишди. Охири шу тема президентгача борди. Шу воқеадан кейин местний телеканаллар Лужковга қарши конкретно иш қилишди.

Озодлик: Россияда олдин ҳокимлар сайланарди. Ҳозир президент томонидан тайинланади. Ҳоким сайланса, яхшими тайинлансами?

- Тайинлагани маъқул. Катта мансабларни подшонинг ўзи регулировка қилиши керак. Подшо бўлгандан кейинм ўзига керакли одамларни айлантириб ишлатаверади. Ëқмаганини ҳайдайди, уришади.

Озодлик: Мана сиз “Узоқ турмаслиги керак. Алмаштириб туриш керак” деяпсиз. Президентларничи? Уларни ҳам алмаштириб туриш керакми?

- Бир хил президентларни алмаштириб туриш керак, бир хилларига индамай туриш керак. Бу энди подшонинг қилаëтган ишига боғлиқ. Бир хил подшолар халқни ўйлаб иш қилади, бир хил подшолар ўзини ўйлаб иш қилади. Россиянинг ҳозирги сиëсатини мен оқлайман. Путинга ҳам, Медведевга ҳам раҳмат, дейди қашқадарëлик Равшан ака.

Андижонлик Исломжон эса Москва ҳокимлигига ким қўйилгани билан бунинг Москвадаги ўзбекларга таъсири йўқ деб ҳисоблайди.

- Бизга Лужковнинг унчалик таъсири йўқ. Лужков бу ерда муҳожирлар учун яхши қарор ҳам чиқармайди, ëмон қарор ҳам чиқармайди. Бу ерда ëзилмаган қонунлар бор. Москвада ишлаб юрган муҳожирларнинг 80 фоизи документсиз ишлаб юрган бўлса керак. Бунга давлатнинг ўзи ҳам қаршилик қилмайди. Махсус хизматлардан текширишга келса ҳам нолегал юрганларни депорт қилмайди. Просто кўрсатиб қўйиш учун баъзида қилиши мумкин. Менимча, бу нарсаларга Лужковнинг алоқаси йўқ. Ҳайит куни мусулмонларга қулайликлар қилинди. Энди битта мусулмонлар учун эмас. Бу ерда агар буддистлар кўп бўлганида ва уларнинг байрами бўлганида, улар учун ҳам қулайликлар яратилган бўларди. Ҳамма давлатда ҳам шунақа қулайлик яратиб беради менимча, дейди андижонлик Исломжон.


Сохта муҳр бостирган муҳожирлар саргузаштлари

Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 100га яқин фуқароси Россиядан чиқиб кетаётганларида, чегарада паспортларига босилган муҳр сохталиги сабабдан поезддан тушириб қолдирилди. Фергана.ру агентлигининг ёзишича, ҳозирда бу фуқароларнинг ҳужжатлари олиб қўйилган, яшашга жой, овқатланишга пули йўқ.

Жобир Турсунов уларнинг бири. Жобир Нижний Новгородда икки йил ишлагани, аммо Навоийдаги уйига Саратов-Тошкент поездида кетаётганида Аксарайск чегара пунктида рус чегарачилари тарафидан туширилиб, Астрахан ички ишлар бўлимига олиб борилган. 100га яқин марказий осиёлик муҳожирлар ҳам у билан бирга бўлган. Милиция уларнинг паспортларини ҳеч қандай акт тузмасдан олиб қолиб, у ва дўстлари устидан очилган жиноят иши уч ойдан кейин ўрганиб чиқилишини айтган ва қўйиб юборган. Масалани тезроқ кўриб чиқиш бўйича муҳожирларнинг илтимосини милиция жавобсиз қолдирган.

Астраханда яшовчи ўзбекистонлик муҳожир Озод аканинг айтишича, Россияда икки йиллаб, уч йиллаб қолиб кетадиган ўзбекистонликлар чегарани кесиб ўтгани ҳақдаги муҳрни паспортларига пулга бостириб олишади. Буни оқибатида улар сохтакорлар қўлига тушиб қолишлари ҳеч гап эмас.

- Бу ерда ҳамма нарса пул билан бажарилади. Паспортдаги печат сохта дегани ҳеч нарса эмас. Озроқ пул билан ҳамма нарса ўрнига тушади.

Озодлик: Мана ҳозир шунинг жабрини 100га яқин муҳожир тортаяпти. Уларни поезддан тушириб қолдиришиб, “Паспортларингдаги муҳр сохта”, деб тергов бошлашибди.

- Билмадим энди буларга қанақа жазо қўлланилади. Жазо қўлланса керак.

Озодлик: Бу муҳр нима учун керак ўзи?

- Бу ерга кирган вақтингизда тўртбурчак муҳр босиб беради. Иммиграционний карточкасини беради бу ерда вақтинча пропискага ўтишингиз учун. Уч-тўрт кун ичида бу ерга пропискга ўтишингиз керак. Осмондан учиб кирмагандир улар. Бирор жойдан кирган бўлса керак. Россияга кирганда чегарачилар печат босади.

Озодлик: Чегарада қўйиладиган печатларни сохталаштириш бўйича нималар маълум?

- Энди билмадим. Мана масалан мен баҳорда келсам, бир йилга прописка оламан. Аксарайск охирги чегара пункти.

Озодлик: Сохталаштириш қанақа бўлади?

- Агар у бу ерда бир-икки йил қолган бўлса, пул орқали таниш-билиши топган бўлади. Чегарачига озроқ пул берса, у босиб бераверади. Иммиграционний карта уларнинг чўнтагида юради. Ëзиб, печат босиб бераверади. Пулингиз бўлса, қилиб берадиганлар кўп. Пул керак, дейди Озод ака.

Сохта мухрлар боис ўзбекистонликлар Россияда сарсон бўлмоқда.