Германия ва Туркия президентлари муҳожирлар муаммосини муҳокама қилди

Бугун Германия президенти Кристиан Вулф беш кунлик сафар билан Туркияга келди.

Ўз ҳамкасби билан учрашган Туркия президенти Абдуллоҳ Гул¸ немис сиëсатчиларини иммиграция муаммосидан сиëсий очко олиш мақсадида фойдаланмаслик ва бунинг ўрнига Германиядаги туркларнинг яхшироқ интеграциясига ëрдам беришга чақирди.

Ўз навбатида Германия президенти ҳам¸ мамлакатдаги 5 миллионлик мусулмон жамоасининг каттагина қисмини ташкил қилувчи туркларнинг Германия жамиятига яхшироқ қўшилиши учун уларни немис тилини ўрганишга чақирди.

Германияда яшаëтган туркларнинг немис тилини ўрганиши муҳимлигини қайд этган ҳолда Абдуллоҳ Гул¸ турк муҳожирларининг Германияда ўз ўрнини топишига на Берлин ва на Анқара етарлича ëрдам бермаëтганини айтди.

Ҳафта охирида айни масалада гапирган канцлер Ангела Меркел Германиянинг кўп маданиятли жамият қуриш уринишлари ҳозирча муваффақиятсизликка учраганини тан олди.

Германияда истиқомат қилаëтган уч миллионга яқин туркларнинг аксарияти ўтган асрнинг 60-йилларида бу мамлакатга гастарбайтер сифатида келган ва немис саноатини оëққа турғизишда катта рол ўйнаган эди. Айтилишича¸ уларнинг аксарияти ўтган 50 йилдан вақт мобайнида немис тилини ўрганишга ҳаракат ҳам қилмаган.