"Ўзбекистон ҳаво йўллари" қатнови кўпаймоқда

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкати А-320 русумидаги учқичлар сонини оширмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси шу йилнинг 9 ойи давомида ташиладиган юк ҳажмининг 50 фоиз, йўловчилар сонининг эса 20 фоизга ошганини эълон қилди.

Компания матбуот хизмати берган маълумотга кўра, 2010 йил бошидан буён 1 миллион 800 минг йўловчи ташилган ва йил охиригача бу кўрсаткич 2 миллионга етади.

Ширкатга кўра¸ йўловчилар сони ошиши ҳаво қатновлари сони ортгани ва янги ташкил этилган қатновлар бўйича А-320 русумидаги самолётлар қатнаётгани билан боғлиқ.

Ҳаво орқали юк ташиш эса 9 ой ичида икки баробарга — 22 минг 600 тоннага кўпайган. Булардан 11 минг 700 тоннаси А300-600 русумли янги юк ташувчи самолётларда Навоийдаги аэропортдан ташилган.