Душанбеда раштлик мулла судланмоқда

Раштлик мулла Зайнулобидин Маннонов ўзига қўйилган айбловлар асоссизлигини айтади.

Тожикистон Олий судида диний, ирқий ва миллий адоват қўзғаганлик ҳамда конститутциявий тузумга қарши оммавий даъват қилганликда айбланаётган раштлик мулла Зайнулобидин Маннонов устидан суд жараёни бошланди.
Тожикистон Олий суди судяси Анваржон Аҳмедовнинг Озодликка маълум қилишича, раштлик диндор мулла Зайнулобидин Маннонов мамлакат жиноят Кодексининг 189- ва 307-моддалари билан айбланмоқда.

- Шербегиён қишлоғида яшаган Зайнулобидин Маннонов мамлакат Жиноят кодексининг диний, ирқий ва миллий адоват қўзғаганлик ҳамда конститутциявий тузумга қарши оммавий даъват қилганлик моддалари бўйича айбланмоқда. Айни пайтда суд жараёни давом этаяпти, - дер экан маҳкамага раислик қилаётган Аҳмедов ортиқча тафсилотлардан тийилишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, раштлик диндор Зайнулобидин Маннонов ўтган йил охирларида, аниқроғи Рашт водийсида ҳукумат кучларининг мулла Абдулло ва Али Бедакий гуруҳига қарши амалиётлари чоғида ҳибсга олинган эди.

Зайнулобидин билан бирга ҳибсга олинган уч ўғли - Абдулҳафиз, Субҳониддин ва Зикруллоҳ Манноновлар устидан тергов ҳозирча ниҳоясига етмагани айтилмоқда.

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мулла Зайнулобидиннинг 2010 йил 19 сентябрида Камаробда Мудофаа вазирлиги карвонига ҳужум қилганликда айблаяпти.

- Покистонда диний таълим олган ва Нуробод туманидаги масжидларнинг бирида имомлик қилган мулла Зайнулобидин Маннонов Раштда ҳукумат кучларига қарши бош кўтарган жанггарилар билан яқин алоқада бўлган. Шунингдек, террористларга ҳар турли ёрдамлар кўрсатиб, уларни маънан қувватлаб турган. Шу айбловлар билан Маннонов миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва тергов давом этмоқда, - дея билдирган эди Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода январ ойи бошларида журналистларга берган матбуот анжуманида.

Салимзодадаги маълумотларга кўра, мулла Зайнулобидин ўзи имомлик қилган масжидда аҳоли орасида миллий, ирқий ва диний адоват қўзғаб, жамиятни ҳукумат сиёсатига қарши оммавий даъват қилган.

Зайнулобидин Маннонов иши устидан Тожикистон Олий суди биносида ўтказилаётган очиқ судда унинг яқинлари ва ўнлаб қишлоқдошлари қатнашаяпти.

Айни пайтда Зайналобуддинга қўйилаётган айбловлар қанчалик ҳақиқат экани юзасидан саволларимизга ҳеч ким, ҳатто унинг оқловчиси ҳам жавоб бермади.

Суд жараёнида Маннонов ўзига қўйилаётган айбловларнинг ҳеч бирини бўйнига олмаслигини айтди. Жумладан, у туман масжидида имомлик қилаётган пайтда одамлар орасида диний, ирқий адоват қўзғагани ҳақидаги иддаолар асоссизлигини таъкидлади.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси фаоли, мулла Зайнулобидинни яқиндан билган Ҳикматулло Сайфуллозода ҳам айни фикрда.

- Зайнулобидин соғлиғи кўтармагани туфайли ҳеч қачон туман масжидида имомлик қилмаган, у ҳатто қишлоқ масжидида ҳам имомлик қилмаган. Зайнулобидин Исломдан жуда яхши хабардор олим, холос. Ундан ташқари, Зайнулобидинга гўё тожик жамиятида фаолияти таъқиқланган оқимларга раҳбарлик қилганлик айби ҳам юклатилмоқдаки, буларнинг бариси туҳмат ҳамда айрим муллалар ғаразидан бошқа нарса эмас. Чунки Зайнулобидин дин борасида жуда донишманд ва ўша ҳудудда у билан Ислом хусусида баҳс қила оладиган одам йўқ. Баъзи чаласавод муллалар Зайнулобидинга ғаразан ҳам унга қарши шундай туҳматлар тарқатиб, уни шу куйга солди, - дея мулоҳаза билдирди Ислом уйғониш партияси масъули Сайфуллозода.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ўтган йил 19 сентябрида Рашт водийсининг Камароб дарасида Тожикистон Мудофаа вазирлиги карвонига номаълум кишилар томонидан ҳужум уюштирилгандан сўнг бу ҳудудда жангариларга қарши махсус амалиётлар бошлаб юборилиши ортидан тожик жамиятида таниқли диндорлар, соқол қўйган эркакларни таъқиб қилиш авжига чиқиб кетди.

Зайнулобидин Маннонов ўша амалиётлардан сўнг судланаётган ягона шахс эмас. Ўтган ҳафтада раштлик диндор Сайриддин Азизов Раштда тожикистонлик болаларни экстремизм ва террорчиликка тарғиб қилганлик айбланиб, Душанбе шаҳар суди ҳукми билан 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Тожикистон Олий суди судяси Анваржон Аҳмедовга кўра, Зайнулобидин Маннонов устидан суд ҳукми келаси ҳафта бошида чиқарилиши кутилмоқда.