Обама авторитар ҳукмдорларни огоҳлантирди

Барак Обама дунё диктаторларини "дунё ўзгараётгани" ва бундан кейин ҳокимиятни куч билан сақлаб қолиш қийин бўлишидан огоҳлантирди.

АҚШ Президенти Барак Обама дунёнинг авторитар ҳукмдорларига бундан кейин ҳокимиятни куч билан ушлаб қола олмасликлари ва “дунё ўзгараётгани”ни тан олишлари лозимлги ҳақида мужда юборди.

“Дунё ўзгармоқда” ва бундан кейин ҳокимиятни зўравонлик орқали сақлаб қола олмайсиз, дея огоҳлантирди Барак Обама дунёнинг автократик ҳукуматларини.

- Ҳокимиятни куч билан ушлаб тура олмайсиз. Жамиятда муайян даражада муроса бўлиши лозим. Бу, айниқса одамлар нафақат марказлашган ҳукумат ёки давлат назоратидаги телевидение орқали, балки замонавий мобил телефонлар ёки Twitter орқали мулоқот қилиб, юз минглаб одамларни бир жойга тўплай олиш имконига эга бўлган бугунги янги давр учун долзарбдир,- деди АҚШ президенти.

Обама бу ҳақда сешанба куни Вашингтонда ўтказилган навбатдан ташқари матбуот анжуманида гапирди. Ўз чиқишида у қарийб 30 йил давомида Мисрни бошқариб келган авторитар президент Ҳусни Муборакнинг ағдарилишига олиб келган намойишлар пайтида АҚШнинг Мисрга нисбатан тутган позициясини ҳам ёқлади.

Тунисдаги исёндан сув ичган Миср инқилоби Баҳрайн ва Яманда демократия тарафдорларини кўчага чиқишга илҳомлантирди ҳамда Сурия ва Ливияда ўзгаришлар ясаш чақриувларига туртки бўлди. Араб дунёсида авж олган аксил-ҳукумат намойишлар бу ўлкалар халқларининг ўнлаб йиллар давомида ўз чўнтакларини тўлдириш билан машғул бўлган ҳукмдорлардан қутилиш уриниши, деб кўрилмоқда.

Мисрда норозиликлар давом этаётган кунларда Оқ уй бу воқеаларга қандай муносабатда бўлишни билмай аросатда қолди. Босиқлик ва тинчликка чақиришдан нарига ўтмаган расмийлар, Жумладан Обама Муборакка истеъфога чиқиш талабига бўйсуниш борасида босим қилиш керакми, йўқми, деган танлов олдида қолди. Танқидчилар Обамани намойишчиларни етарли қўллаб-қувватламаганликда айблади.

Бироқ сешанба кунги чиқишида Обама “рўй бераётган инқилобнинг ҳар бир босқичида Қўшма Штатлар етти ўлчаб, бир кесиб тўғри йўл тутди”, дея баён қилди.

“Биз тарихнинг ҳақ томонида турдик”, деди у.

Мисрдаги исён минтақада барқарорликни таъминловчи ва Қўшма Штатларни мавқени кафолатловчи диктаторлик режимларига нисбатан Вашингтоннинг хайрихоҳлик сиёсати борасидаги мунозараларни янада кучайтирди.

Хайрихоҳлик сиёсати ўзгариши мумкинлигига ишора ўлароқ Обама ўз маъмурияти бундан кейин дунёнинг қайси давлати бўлишидан қатъий назар демократия тарафидаги намойишчиларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

- Мисрда намойишлар бошланишидан аввал, дўст ёки ғанимларимиз бўлишидан қатъий назар, дунё ўзгармоқда деган муждани юбордик. Яқин Шарқнинг ўзида етишиб чиққан ёш, шижоатли авлод улканроқ имкониятларни истаётгани ва сиз бу мамлакатларни бошқарар экансиз рўй бераётган ўзгаришлар билан қадамба-қадам бўлишингиз, ортда қолмаслигингиз лозим, деган ғояни илгари суриб келдик,- деди Обама.

Араб мамлакатларида демократик ҳаракатларнинг фаоллашаётганига шаъма қилиб, Обама бу давлатлар ҳукмдорларини намойишчиларга куч қўлламасликка чақирди ва Қўшма Штатлар ҳар доим фуқароларнинг “ўз ташвишларини ҳукуматга етказиш имконини берадиган” фикр ва йиғинлар ўтказиш эркинликларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

У шунингдек Эронда икки кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган сўнгги намойишлар ҳамда бу мамлакат парламентида мухолифатнинг икки етакчисини қатл этиш чақирувлари янграгани билан боғлиқ вазиятга ҳам тўхталди. Обама Теҳрон Мисрдаги намойишчиларни қўллаб-қувватлаб энди ўз мамлакатларида тинч намойиш ўтказаётган эронликларни “отиб ўлдираётгани ва калтакланаётгани куракда тумайдиган ҳолдир”, деди.

- Миср учун мақбул бўлган ҳолат, Эрон учун ҳам мақбул бўлиши лозим. Яъни бу ерда ҳам одамлар ўз фикрлари ва ташвишларини эркин ифода эта олишлари ва масъулиятли ҳукумат келишини истай олишлари лозим.

Аксил-ҳукумат намойишлар авж олган навбатдаги Араб давлатларидан бири Баҳрайндир. Форз кўрфазидаги бу мамлакат аҳолиси бир миллионга яқин, уларнинг ярми чет эллик меҳнат муҳожирларини ташкил этади. Бу давлатни Қирол Ҳамад бин Исо ал-Халифа бошқаради, унинг оиласи ва ҳукумат элитаси асосан суннийлардан иборатдир. Айни пайтда, мамлакат аҳолисининг 70 фоизига яқини шиалардир.

Душанба кунги намойишда норозилардан бири ўлдирилгач, сешанба куни 10 мингга яқин оломон пойтахт Манамага юриш қилди. Ундан аввалги аксил-ҳукумат чиқишларида ҳам полиция бир кишини отиб ўлдирган эди.

Миср ва Тунисдаги инқилоблардан илҳомланган баҳрайнлик намойишчилар “Халқ режимнинг ағдарилишини истайди!” ва “Биз сунний эмасмиз, биз шиа ҳам эмасмиз, биз шунчаки озод бўлишни истаймиз!” дея хитоб қилди.

Намойишчилар янги конституция ва демократик ислоҳотларни истамоқда. Лекин асосий талаб ўлароқ, 1971 йилда мамлакат мустақилликка эришганидан бери Баҳрайнни бошқариб келаётган бош вазир Шайх Халифа бин Салмон ал-Халифанинг истеъфога кетиши илгари сурилган.


Бунга ўхшаш воқеалар Яманда ҳам давом этмоқда. Бу ерда сешанба куни полиция кучлари пойтахтдаги Сана Университети олдига йиғилган юзлаб намойишчиларни тўқмоқлар билан калтаклади.

Мамлакат жанубидаги Таиз шаҳрида ҳам юзлаб намойишчилар президент Али Абдуллоҳ Солиҳ истеъфога кетмагунча намойишларни давом эттиришларини ваъда қилмоқда. Солиҳ давом этаётган намойишларга жавоб ўлароқ, 2013 йилда президентлик лавозимини бўшатишни ваъда қилди.

Обама халқ қистови остида қолган бу ҳукмдорларга ҳам маслаҳати борлиги, лекин Қўшма Штатлар бу “мамлакатларни суверен, деб ҳисоблаши” ва улардан муайян йўл тутишни “талаб қила олмаслигини” таъкидлади.

- Менимча, бу минтақада барқарорликни таъминлашнинг йўли ёшларга, оддий халққа ўз оилаларини боқиш, яхши иш топиш, таълим олиш имкони ва яхшироқ келажакка умид беришдир. Ва ҳукуматлар бундай имкониятларни яратиб бериш учун қанчалик ҳаракат қилса, бу мамлакатлар шунчалик барқарор бўлади.

Вашингтон Яқин Шарқда барқарорлик бўлишини истайди. Лекин барқарорликка кўпинча исёнлар орқали эришиш мумкин. Террорчилик, исломий экстремизм, ядровий таҳдидлар мавжуд бўлган минтақада эса Оқ уй учун вазиятни назорат қилиш қийин кечиши мумкин.

Лекин Обаманинг ўзи айтмоқчи “Демократия айқаш-уйқашликлардан иборатдир.”