Судланганларнинг яқинлари Тожикистон президентига мурожаат қилди

Тожикистон шимолидаги Исфара туманида озодликдан маҳрум этилганларнинг қариндошлари суд ҳукмидан норози бўлиб, республика президенти Имомали Раҳмон номига мактуб йўллади.
Мактубга қўл қўйганлардан бири Умид Ваҳобовнинг айтишича, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган укаси Ғанижон Ваҳобовнинг ҳеч қандай айби йўқ.

- Адолатсиз суд бўлди. Укамни террорчилар гуруҳига қўшишди. Биз Олий суд қарори билан рози эмасмиз. Бирорта ҳам гувоҳ йўқ, далил йўқ. Укам ҳеч бир жиноий гуруҳга аъзо бўлмаган. Қўлига қурол ҳам олмаган, оддий намозхон эди, холос. Конституция, инсон хуқуқлари ва эркинлиги кафили ҳисобланмиш президентга ёзган мактубимизда суд қарори бекор қилиниб, адолатли хукм чиқарилишини сўраганмиз. Агар макубимиз жавобсиз қолса, Душанбега - президент ҳузурига борамиз, ўз ниятимиздан қайтмаймиз, - деди Умид Ваҳобов.

Судланган яна бир тожикистонликнинг онаси прокурор унга яхши гаплар гапириб, “суд адолатли қарор чиқаради”, дея ёлғон гапирганлигини айтади.

- Исфара шаҳар прокуроридан тортиб то вилоят прокуратурасигача бордим. Прокурорлар мени юпатишди, “ҳаммаси яхши бўлади”, дейишди. Ўғлимни эса 12 йилга қамашди. Ҳамма гаплари ёлғон экан. Энди охирги умидимиз президент бўлиб қолди, бошқа кимга ҳам арзимизни айтамиз. Фарзандимнинг ҳеч қандай айби йўқ, - дейди онахон.

Республикадаги нотинч вазият куч ишлатар тизимлар томонидан ўтказаётган қама-қама амалиёти айрим тожикистонликларни ватанини тарк этишга мажбур қилмоқда. Биринчи навбатда, меҳнат мухожирлигида бўлган тожикистонликлар оилаларини олиб кетишмоқда. Сўнгги беш ойи мобайнида биргина Сўғд вилоятида 70 га яқин тожикистонлик терроризмда гумонланиб ҳибсга олинган.

Шу кунларда Тожикистондаги аэропорт, темирйўл ва автовокзалларига йўлингиз тушса, кўплаб тожикистонликларнинг республика ташқарисига отлангани гувоҳи бўласиз. Илгари самолёту поездлар мусофирларга тўлмай кетарди. Бугунги кунда Тожикистондан Россия ёки Дубайга йўлкира 30 фоизга ошган бўлса-да, билетлар бир ой олдинга сотиб бўлинган.

- Биз урушни бошимиздан кечирдик. Уруш нималигини яхши биламиз. Ўшанда ҳам мана шундай, дам у ерда, дам бу ерда портлашлар бўлди. Кейин уруш бошланди. Фарзандлар катта бўлиб қолган, ўқиши керак, - дейди исфаралик Муҳсин.

Суҳбатдошларимизнинг кўпчилиги Марказий Осиёда тинчлик бўлишига ишонмасликларини айтишади. Уларнинг сўзларига кўра, токи Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари янгиланиб, бирлашмас экан, турли низолар чиқаверади.

Рашт туманидан Хўжанд шаҳрига оиласи билан келган Маҳмадуллоннинг айтишича, у ерда тирикчилик қилиш у ёқда турсин, яшашнинг иложи бўлмай қолди.

- Ҳозир Раштда аҳолидан кўра аскарлар кўп. Раштликларнинг ўзи Россига кетган фарзандлари ҳисобидан тирикчилик қиларди. Энди бўлса, бу аскарлар бориниям олишмоқда. Хўжандда қариндошимиз бор. Озгина яшаб турайлик, тинчлик бўлмаса, бу ердан Россияга кетамиз, - дейди Маҳмадулло.

Новосибирск шаҳридаги Сомониён тожиклар жамияти раисининг айтишича, у ерда меҳнат қилаётганларнинг асосий қисмини жанубликлар ташкил этади. Айни пайтда Россиянинг Сибирига Тожикистондан кўчиб келаётганлар сони ортиб бормоқда.