Қозоқ суди ўзбек қочқинлари аризасини рад қилди

Олмали туман суди Олмаота ҳибсхоналарида сақланаётган 29 ўзбек ўзбек қочқинининг барчасининг экстрадицияни тўхтатиш бўйича аризасини рад қилди.

Олмали туман суди икки кун давомида ўзбек қочқинларининг Қозоғистон Бош прокуратураси қарори юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқиб, шундай қарор чиқарди.

2010 йилнинг 8 сентябр куни Олмаота шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Ташкенбай Аубакиров Қозоғистон Бош прокуратураси ҳибсхонадаги ўзбек қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарганини билдирганди.

Учинчи давлатдан бошпана олиш ниятида Қозоғистонда яшаб келган бу қочқинлар 2010 йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмати ходимлари томонидан қўлга олинганди. Шу пайтгача бу диндор қочқинлардан бир нечтаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинди, қолган 29 нафари эса тўққиз ойдан буён Олмаота шаҳридаги ҳибсхоналарда сақланмоқда.