ЕИга киролмайдиган Беларус мулозимлари рўйхати кенгайтирилди

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича мутасаддиси Катрин Эштон ЕИ мамлакатларига кириши ман этилган Беларус мулозимлари рўйхати кенгайтирилганини билдирди.

- Биз яна 19 нафар беларус расмийсининг ЕИ давлатларига киришини тақиқладик. Улар қаторида судя, прокурор ва университет ректорлари бор. Талабаларнинг таъқиб этилиши ва судга тортилишига алоқадор шахслар булар. Уларнинг банк ҳисоблари ҳам музлатилади, - деди Эштон.

Ушбу чоралар Беларусда декабр ойги президентлик сайловидан сўнг фуқаролик жамияти ва мухолифат аъзоларига нисбатан тазйиқлар кучайганига ЕИнинг жавоби экани айтилмоқда.

2006 йилда Европа Иттифоқи Беларус раҳбари Александр Лукашенко ва ушбу мамлакатнинг яна 40 нафар амалдорига нисбатан виза чеклови жорий этган эди. Ҳозир ҳаммаси бўлиб ЕИ Беларуснинг 150 нафар расмийсига виза чеклови жорий қилган.