Триполи уч кундан бери ҳужумга учрамоқда

Халқаро коалиция кучлари уч кундан бери Ливияда Қаддафийга қарши ҳужумни давом эттирмоқда. Ливия ҳукумати коалиция кучларининг тунгги ҳужуми оқибатида яна тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлганини иддао қилмоқда.

Ливия раҳбари полковник Муаммар Қаддафий идораси яқинида портлашлар ва учқичларга қарши ишлатиладиган қуроллар овози эшитилди.

Айни пайтда АҚШ Президенти Барак Обама Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини бажариш бўйича операция бошқарувини “яқин кунларда” иттифоқчиларга топширишини маълум қилди.

Чилида сўзлаган Обама Вашингтоннинг расмий позицияси Ливия раҳбари Қаддафийнинг лавозимидан кетиши эканини баён қилди.

- АҚШ Қаддафий кетиши шарт, деган сиёсий позицияни эгаллади. Ва бу сиёсатни амалга ошириш учун ҳарбий чораларга қўшимча бизнинг ихтиёримизда бошқа воситалар ҳам бор,- деди АҚШ президенти Барак Обама.

Шунингдек, Ливия расмийлари Мисрата шаҳри Қаддафий тарафдорлари назоратига ўтганини иддао қилди.