АҚШ элчихоналарида хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Усама бин Ладин ўлими ортидан АҚШнинг бутун дунёдаги элчихоналаридаги хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Элчихоналар бин Ладиннинг ўлдирилиши ортидан қасос ҳужумларига нишон бўлишлари эҳтимолидан огоҳлантирилди.

Якшанбадан душанбага ўтар кечаси АҚШ махсус кучлари вертолётлар ёрдамида Исломободдан 60 километр масофадаги Абботобод шаҳарчасида бин Ладин яширинган уйга ҳужум қилди, ўртада чиққан отишмада қаршилик кўрсатган бин Ладин ва унинг ўғли отиб ўлдирилди.

Пентагон расмийлари бин Ладинга Ислом қоидаларига амал қилган ҳолда жаноза ўқилиб, унинг майити Араб денгизига қўйилганини маълум қилди.

АҚШ ҳарбийларига кўра, майит “Carl Vinson” номли ҳарбий кемада ювилган ва кафанланган. Расмийлари ДНК анализи жасаднинг бин Ладинга тегишли эканини тасдиқлаганини маълум қилди.