Обама бин Ладин ўлиги туширилган расмларни ошкор қилмайди

АҚШ Президенти Барак Обама Усама бин Ладиннинг ўлиги тасвирлаган суратларни эълон қилиш ниятида эмас. Оқ уй матбоут вакили Жэй Карнига кўра, Обама миллий хавфсизлик кенгаши аъзолари билан маслаҳатлашиб, Ал-Қоида етакчиси ўлдирилганидан кейин олинган расмларни ошкор қилмасликка қарор қилган.

CBS News каналига берган интервьюсида Карни АҚШ раҳбари бу расмлар “адоват қўзғатиш ёхуд ташвиқот мақсадларида ишлатилмаслиги учун” уларнинг омма орасида тарқалмаслиги муҳим, деган қарорга келганини таъкидлади.

- Бу расмларда кўзидан, аниқроғи бошидан ўқ еган одам тасвирланган. Шунинг учун ўтмишда бўлгани каби, бу расмларнинг Қўшма Штатларга қарши ғояларни тарғиб қилиш рамзига айланиши миллий хавфсизлик манфаатларимизга тўғри келмайди. Президент учун энг устувор масала мамлакат ичида ва ташқарисида Америка фуқароларининг хавфсизлигини таъминлашдир. Усама бин Ладин шахсини аниқлаш учун бу расмиларни эълон қилишга эҳтиёж йўқ ва президент уларни ошкор қилиш учун бошқа асосларни кўрмади.

CBS телеканалининг ўз Интернет сайтида маълум қилишича, Обама якшанба куни эфирга чиқадиган “60 дақиқа” кўрсатувига берган интервьюсида бин Ладин жасади туширилган расмларни ошкор қилмаслигини айтган.

Бин Ладин майити суратларини кўрган АҚШ расмйлари уларни “қўрқинчли”, дея тасвирлади.

Айни пайтда АҚШ Бош пркурори Эрик Ҳолдер бин Ладин қонунан ҳарбий нишон бўлган, дея баён қилди.

Чоршанба куни Сенатнинг Адлия қўмитасида қилган чиқишида бош прокурор бин Ладин таслим бўлиш ниятида бўлмагани ва унинг ўлдирилиши “миллий хавфсизлик манфаатларида қилинган ҳаракат” эканини таъкидлади.

“Агар у, яъни бин Ладин таслим бўлганида ёки таслим бўлишга ҳаракат қилганида, менимча, шубҳасиз, буни қабул қилишимиз керак бўлар эди”, дея қўшимча қилди Ҳолдер.