Исфарада Қирғизистон ва Тожикистон Mудофаа вазирлари учрашди

Тожик ва қирғиз расмийлари чегараолди ҳудудларидаги вазиятни тез-тез муҳокама қилиб туради.

Тожикистоннинг Исфара туманида бўлиб ўтган учрашувда Қирғизистон Mудофаа вазири Абибилла Қудайбердиев ва Тожикистон Mудофаа вазири Шерали Хайрулло чегарадаги вазият ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

- Икки республика вазирлари ҳарбий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид муҳим масалаларни муҳокама қилдилар. Шунингдек, чегараолди туманлардаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. “Чегараолди туманлардаги вазиятнинг осойишта бўлиши ҳар иккала республика учун ҳам жуда муҳим”, дея таъкидлашди вазирлар. Шу билан бирга, террорчилик ва экстремизмга қарши кураш умумий иш эканлигига урғу берилди,- деди Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот маркази вакили Фаридун Маҳмадалиев.

Расмий маълумотларга кўра, икки республика хукуматлари ва куч ишлатар тизимлари жорий йилда Исфара туманида тўртинчи марта учрашдилар. Бунга Исфара ва Боткен туманлари ўртасида тез-тез содир бўлаётган тожик-қирғиз можаролари сабаб экани айтилмоқда.