АҚШ Бош прокурори Усама ўлдирилишини қонуний деб атади


Усама бин Ладиннинг АҚШ ҳарбийлари ўтказган 1 май кунги махсус амалиëт чоғида ўлдирилиши халқаро майдонда айрим ҳуқуқий саволларни кун тартибига қўймоқда.

АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер бин Ладиннинг ўлдирилиши уруш қоидаларига мос экани ҳақида баëнот берди.

Покистон разведка хизмати расмийсининг даъвосича¸ Абботободдаги қўрғонда отаси ëнида бўлган Усама бин Ладиннинг 12 яшар қизи¸ отасининг АҚШ ҳарбийлари томонидан аввал ушланиб¸ сўнгра совуққонлик билан отиб ташланганини айтган.

Чоршанба куни Сенатнинг Адлия қўмитасида қилган чиқишида Бош прокурор бин Ладин таслим бўлиш ниятида бўлмагани ва унинг ўлдирилиши “миллий хавфсизлик манфаатлари йўлида қилинган ҳаракат” эканини таъкидлади.

“Агар у, яъни бин Ладин таслим бўлганида ёки таслим бўлишга ҳаракат қилганида, менимча, шубҳасиз, буни қабул қилишимиз керак бўлар эди”, дея қўшимча қилди Ҳолдер.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти АҚШ маъмуриятига мурожаат қилиб¸ Усама бин Ладиннинг ўлдирилишига оид барча тафсилотларни жамоатчиликка ошкор қилишни сўради.