Обама: Ал-Қоидани бошидан жудо қилдик

Усама бин Ладиннинг ўлдирилиши Ал Қоидани бошсиз қолдирди. АҚШ президенти бу ҳақда кеча, Fort Campbell базасида Ал Қоида лидерини йўқ қилиш амалиётини бажарган Американинг сараланган “Денгиз мушуклари” деб аталувчи махсус гуруҳи аъзолари билан учрашувда таъкидлади.

- Биз Ал Қоидани бошидан жудо қилдик ва шак –шубҳасиз ушбу террор гуруҳи устидан тўлиқ ғалабага эришамиз, - деди Обама.

2001 йил 11 сентябрда Ню Йорк ва Вашингтонда уюштирилган ҳужумлар ва бошқа террор амаллари ортида тургани айтилиб келинган Усама бин Ладин якшанба куни Покистонда америкалик ҳарбийлар тарафидан махсус амалиёт пайти ўлдирилган эди.

Кеча Ал Қоида Усама бин Ладин ўлимини тасдиқлади. SITE Intelligence мониторинг гуруҳига кўра, Ал Қоида Усама бин Ладин ўлимини Интернетдаги жиҳодчи веб-сайтлардан бирида тасдиқлаган ва бунинг учун қасос олажагини ҳам билдирган.