Қандаҳорда афғон ҳарбийлари ва Толиблар ўртасида отишма бўлмоқда

Шанбадан буён Афғонистон жанубидаги Қандаҳор шаҳрида Толиблар ва мамлакат хавфсизлик кучлари ўртасида отишма бўлмоқда.

Шанба куни жанггари гуруҳлар шаҳарга ракета ҳужумини уюштирган ва шунингдек, суиқасд ҳужуми содир этилганидан сўнг томонлар ўртасида жанг ҳаракатлари бошланди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Замрай Башарийга кўра, жанг ҳаракатлари НАТО томонидан қувватланган афғон ҳарбийлари ва шаҳардаги бир неча биноларга яширинган жанггарилар ўртасида юзага чиққан.

Мамлакат Мудофаа вазирлиги берган маълумотга кўра, сўнгги икки кун ичида 12 жанггари ўлдирилган. Шунингдек, камида икки зобит ва бир фуқаро ўлдирилгани, 40 дан ортиқ одам жароҳатлангани хабар қилинмоқда.

Халқаро коалиция матбуот вакили, генерал майор Жэймс Ластер бу ҳужумларни кенг кўламли, дер экан бу Толибоннинг аввалдан эълон қилган баҳорги юришининг бошланиши, деб ҳисобланаётганини айтди.