АҚШ расмийлари Ал-Қоида аввалгидай бўлмайди, демоқда

АҚШ ҳарбийлари эълон қилган бу видеотасмада Усама бин Ладин ўзи акс этган видеони кўраётгани айтилмоқда.

АҚШ расмийлари Усама бин Ладин Покистондаги яширин қароргоҳидан туриб, Ал-Қоидани бошқарган ва эндиликда бундай бошқарувни қайта яратиш қийин, демоқда.

АҚШдаги NBC телеканалига берган интервюсида Оқ Уйнинг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Том Донилон Ал-Қоиданинг иккинчи даражали етакчиси, деб кўрилган мисрлик террорчи Айман ал-Завоҳирий марҳум Усама бин Ладин каби етакчи бўлолмаслиги ҳақида гапирди.

Шунингдек, у ҳозирча Покистон ҳукуматининг Усама бин Лодин бу давлатдан паноҳ топганини билган, дейишга бирорта далил йўқлигини айтди.

Бу баёнот АҚШ ҳарбийларининг Усама бин Ладин Абботободаги қароргоҳида туриб, ўзи акс этган видеотасмани томоша қилаётгани акс этган видеоматериалларни ошкор қилганидан сўнг янграмоқда.

Бунга қадар Америка махсус хизматлари томонидан қўлга киритилган архив ҳужжатларда Усаманинг Абботободдаги уйи ҳарбий бошқарув маркази бўлгани кўрсатилганини айтган эди.