Сурия хавфсизлик кучлари фаол намойишчиларни уйма-уй ҳибс қилмоқда

Суриядаги инсон ҳуқуқлари фаоллари Дамашқ ғарбидаги туманлардан бирида отишмалар бўлаётгани ҳақида хабар бермоқда.

Бир неча кундирки Сурия президенти Башар ал-Ассад мамлакатда давом этаётган намойишларни тўхтатиш учун оғир ҳарбий техникани ишга солган.

Айни пайтда хавфсизлик кучлари бир неча муҳолифат фаолларини ҳибсга олгани айтилмоқда. Суриядаги Инсон ҳуқуқларини кузатув гуруҳи айни кезда хавфсизлик кучлари намойишлар давом этаётган ҳудудларда уйма-уй юриб, юзлаб одамларни ҳибс қилаётгани ҳақида хабар берди.

Савасияҳ номли яна бир ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи эса мамлакатда намойишлар бошланганидан буён 800 дан ортиқ одам ўлдирилганини айтмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқ фаоллари йиллар давомида Башар ал-Ассад ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган собиқ парламент аъзоси Риёд Саиф намойишларга ўрнатилган тақиқни бузганликда айбланиб, жазога тортилганини хабар қилмоқда. Риёд Саиф жума куни ҳибсга олинган эди.