Бенғози аэропорти исёнчилар қўлига ўтди

Ливиялик исёнчилар Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар билан қаттиқ жангдан кейин Мисрата шаҳри аэропортини ўз назоратига олгани хабар қилинмоқда. Бу бир ҳафта давом этган жангу жадалдан кейин исёнчилар эришган биринчи жиддий ютуқ бўлди.

Хабарларга кўра, Ливиянинг учинчи йирик шаҳри бўлган ва Қаддафий кучлари икки ойдан бери қуршовда ушлаб келган Мисрата аэропорти тунда бўлиб ўтган жангдан кейин исёнчилар қўлига ўтган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўртаер денгизи соҳилида жойлашган, ярим миллион аҳолига эга Мисратада озиқ-овқат ва дори-дармонлар етишмагани боис гумманитар бўҳрон вужудга келишидан огоҳлантириб келаётган эди.

Шаҳар Қаддафий тарфдорлари томонидан блокада қилинган эди ва унга кириб чиқиш денгиз орқали амалга ошаётган эди.

Айни пайтда гувоҳларга кўра, бугун пойтахт Триполининг шарқий қисми бир соат давомида ҳаво зарбаларидан ларзага келган.

Европа Иттифоқи Ливиянинг Бенғози шаҳрида идора очиб, у ерда жойлашган исёнчи кучлар маъмуриятига ёрдам кўрсатиш ниятини билдирди.

Бу ҳақда Европа Иттифоқи Ташқи сиёсат бўйича комиссари Кэтрин Эштон бугун Европа Парламентининг Страсбургдаги мажлисида баён қилди.

- Мен муҳокама қилганимиз масалалар, яъни халққа ёрдам кўрсатиш, фуқаровий жамият ва Муваққат ўтиш даври кенгашини қўллаб-қувватлаш ишларини амлага ошира олишимиз учун Бенғозида идора ташкил қилиш ниятидаман, деди ЕИ расмийси.