Ўтган йили Қирғизистонни камида олти журналист тарк этган

Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти 2010 йилда Қирғизистон ҳукумати таъқиби боис мамлакатни тарк этган журналистлар рўйхатини эълон қилди.

Бу рўйхатда "Ўш ТВ" директори Ҳалилжон Худойбердиев, "Мезон ТВ" директори Жавло Мирзахўжаев, "Достон ТВ" директори Муҳаммаджон Абдуллаев, “Ойдин” журнали бош муҳаррири Одина Соипова, “Ахборот” газетаси бош муҳаррири Барно Исақова ва унинг ўринбосари Ҳосият Бекмирзаевалар бор.

Ташкилот маълумотига кўра, ўтган йили Қирғизистонни тарк этган журналистлар сони бундан кўп бўлиши мумкин.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилотига кўра, ўтган йили ҳукумат босими натижасида Қирғизистондаги ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ўзгартирилиб, собиқ муҳаррир ва мухбирларга нисбатан сохта жиноий ишлар қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 май куни Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаева матбуот вакиллари билан норасмий учрашуви чоғида “ўтган йили Қирғизистонни бирорта ҳам журналист тарк этмаган ёки ҳибсга ташланмаган” дея баён қилган эди.