Оқдарё туман прокурори пора билан қўлга тушди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари Оқдарё туман прокурори Талъат Абдуҳолиқзодани катта миқдорда пора олаётган пайтда ҳибсга олди.

Бу ҳақда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага асосланиб Регнум ахборот агентлиги хабар қилди.

- Прокурор оғир жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг қариндошларидан 12 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ушланди, - дейди Регнум манбаси.

Манбага кўра, мазкур воқеа юзасидан жиноий иш очилган.

Ўтган йил декабрида Ўзбекистон президенти 2011 йилга коррупцияга қарши кураш кучайтирилиши ҳақида огоҳлантирган.