АҚШ cенатори Афғонистон раҳбари билан учрашди

Жон Керри Озодлик мухбири билан суҳбатда, Кобул, 15 май 2011 йил

АҚШ cенатори Жон Керри Покистонга сафаридан олдин Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан музокара олиб борди.

Бу Ал-Қоида раҳбари Усама бин Ладин 2 май куни ўлдирилганидан бери юқори лавозимли АҚШ расмийсининг Покистонга илк ташрифидир.

Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитаси раиси бўлган Жон Керри 15 май куни Кобулда Озодлик мухбири билан суҳбатда бин Ладин ўлимини ҳақида гапирди.

- Усама бин Ладиннинг ўлдирилгани жуда муҳим ютуқ. Бу ҳаммага нималар рўй бераётгани ҳақида қайта фикр юритиш учун имконият яратади. Бу одамлар учун, айниқса, Толиблар учун ўз қуролларини ташлаш, биз зўравонлик содир этганларни адолатли суд олдига олиб келиш йўлидаги уринишимизни тўхтатмаслигимиз тўғрисида қайта ўйлаб кўриш имконини яратади, - деди АҚШ сенатори.

Дипломатик манбаларга кўра, Покистонга сафари чоғида Жон Керрининг президент Осиф Али Зардорий, Бош вазир Юсуф Риза Ғилоний ва Покистон ҳукуматининг бошқа юқори лавозимли расмийлари билан учрашиши режаланган.