Карачида саудиялик дипломат ўлими учун толиблар масъул

Покистондаги Толибон ҳаракати Карачи шаҳрида саудиялик дипломатнинг ўлдирилиши учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Толибларнинг матбуот вакилиман, деб таништирган ва Рейтер агентлигига сўзлаган вакилига кўра, АҚШ ҳарбийларининг Ал-Қойда ортидан тақиби ва жанггариларга қарши учувчисиз учқичлари ҳужуми тўхтатилгунига қадар ҳаракатнинг бундай ҳужумлари давом этади.

Карачи полицияси раҳбари Иқбол Маҳмуд Саудия Арабистонининг Карачи шаҳридаги консуллиги ходими душанба куни номаълум қуролли шахслар томонидан отиб кетилганини маълум қилган эди.

- Мотоциклда келганлар унинг автомобилини ўққа тутган. Дипломат тўртта ўқ еган ва воқеа жойида ўлган,- деди Карачи шаҳри полицияси раҳбари.

Консулликдан олинган маълумотга кўра, отиб кетилган саудиялик дипломат Ҳасан ал-Қаҳтаний консуллик ходими бўлган.

Ўтган ҳафтанинг чоршанба кунида ҳам қуролланган шахслар консулликка граната улоқтирган, аммо, бундан ҳеч кимга шикаст етмаган эди. Чоршанба куни ҳужум масъулиятни ҳеч бир гуруҳ зиммасига олгани йўқ.