Россияда яна бир ўшлик ўзбек қўлга олинди

Россиянинг Тюмен шаҳрида қўлга олинган Хайрулло Абдурасулов Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан Ўш қирғини пайтида оммавий тартибсизликларни уюштириш, тартибсизликларда иштирок этиш ва ҳокимият вакилларига қурол билан қаршилик кўрсатишда айбланмоқда.

У халқаро қидирувга берилган ва 2011 йилнинг мартида Тюменда қўлга олинган.

- Қирғизистон Бош прокуратураси Абдурасуловни Қирғизистонга қайтариш ҳақида сўровнома жўнатган. Ҳозир бу масалада россиялик ҳамкасбларимиздан жавоб кутаяпмиз, - деди Бош прокуратура матбуот хизмати ходими Жирғалбек Қуванбеков.

Тюмен прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, айни пайтда Хайрулло Абдурасуловни экстрадиция қилиш масаласи юзасидан ҳужжатлар Россия Бош прокуратурасига жўнатилган.