Стросс-Каннинг қамоқдан чиқишига рухсат берилди

Жинсий тажовуз қилганликда айбланган Халқаро валюта жамғармаси собиқ раҳбари Доминик Стросс-Каннинг гаровга пул қўйиб қамоқдан чиқишига рухсат берилди.

Суд ҳаками гаров пули миқдорини бир миллион АҚШ доллари деб белгилади ва унга уй қамоғи шароитида яшашни буюрди.

Стросс-Каннинг ҳаракати назорат остида бўлиши учун қўлига электрон билакузук тақиб қўйилади.

Суд қарори эълон қилинишидан бир неча соат олдин Доминик Стросс-Кан Ню Йоркдаги меҳмонхона ходимасини зўрлашга уринмаганини исботлаш учун ХВЖ раҳбари лавозимидан истеъфога чиққанини эълон қилди.

Франция Молия вазири Кристина Лагарде Стросс-Каннинг ўрнига ХВЖ раҳбари лавозимига асосий даъвогар бўлиши кутилмоқда.

Вашингтондаги манбалар жамғарманинг энг йирик ҳиссадори бўлган Қўшма Штатлар ХВЖ раҳбари лавозимига Европа номзодини қўллаб-қувватлашини билдирди.