Бугун Обама Нетаняҳу билан учрашади

Бугун Вашингтонда АҚШ Президенти Барак Обама билан Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ўртасида сўзлашувлар ўтказилади.

19 май куни президент Обама Яқин Шарққа оид янги стратегияга бағишланган нутқида Исроил ва Фаластин ўртасида йиллардан буён давом этаётган тинчлик музокараларидан кўзланган мақсадга эршиш учун Исроил 1967 йилдаги чегараларига қайтиши лозимлигини таъкидлади.

Нетаняҳу Обаманинг бу чақириғини рад қилиб, 1967 йилги чегараларга қайтиладиган бўлса, бир қанча яҳудий аҳоли пунктларидан воз кечишга олиб келиши ва Исроил аҳолисини хавф остига қўйишини айтди. Айтилаётган чегара ҳудудида ҳозирда 300 минг исроиллик яшаяпти.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос Обаманинг Фаластин-Исроил тинчлик музокараларини тиклашга қаратилган чақирувини қўллаб-қувватлади.