Грузияда намойишчилар полиция билан тўқнашди

Намойишчилар полиция машинасига ҳужум қилганидан кейин полиция ходимлари одамларга қарши резина ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

21 май куни минглаб грузиялик президент Михаил Саакашивилининг истеъфосини талаб қилиб намойиш бошлаган эди.

Мухолифат лидерлари полиция намойиш етакчиларидан бирини ҳибсга олишга урингани сабабли уларга ҳужум қилинганини таъкидламоқда.

- Биз фақат ўзимизни ҳимоя қилдик. Зўравонликни биз бошлаганимиз йўқ. Грузия ҳукумати бошлади. Биз аксар конституциялардаги каби ўз конституциямиз томонидан таъминланган ўзимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаландик, холос. Халқ ўз намойишларида ана шу ҳуқуқига таянмоқда, - деди воқеага изоҳ берган мухолифат лидери Нино Буржанадзе Озодликка.

Грузия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Шота Утиашвили полициянинг мақсади “намойишни тарқатиб юбориш бўлмагани”ни, балки тажовузкор намойишчиларни тўхтатиб қолишдан иборат бўлганини айтди.

Михаил Саакашвилининг президентлик муддати 2013 йилда тугайди.