Ходорковский виждон тутқуни, деб эълон қилинди

“Халқаро амнистия” инсон ҳуқуқлари ташкилоти россиялик йирик тадбиркорлар - Михаил Ходорковский ва Платон Лебедевларни виждон тутқунлари, деб эълон қилди.

Ташкилот баёнотида айтилишича, тилга олинганларнинг виждон тутқуни, деб эълон қилинишига уларнинг иши Москва шаҳар судида кўрилиши чоғида тергов жараёнида йўл қўйилган жиддий процессуал ва бошқа қонунбузарликларга кўз юмилгани сабаб бўлди.

“Халқаро амнистия” фикрича, Ходорковский ва Лебедевларнинг қамалиши ортидаги асл сабаблар сиёсийдир.

Москва шаҳар суди кеча Ходорковский ва Лебедевлар устидан аввал чиқарилган ҳукмни бир йилга қисқартирди. Энди улар 14 йилдан эмас, 13 йилдан қамоқда ўтиради.

ЮКОС нефт ширкати раҳбарлари катта миқдордаги маблағни ўзлаштирганликда айбланиб озодликдан маҳрум этилган эди.