АҚШ Давлат котиби кутилмаганда Исломободга борди

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон бугун аввалдан эълон қилинмаган сафар билан Исломободга борди.

Бу давлатда АҚШ махсус хизматлари томонидан Усама бин Ладин ўлдирилганидан буён икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бироз совуқлашгани айтилмоқда.

Вашингтон айни кезда дунё бўйлаб қидирилаётган биринчи рақамли террорчи қандай қилиб узоқ вақт давомида Исломободдан олис бўлмаган ҳарбий шаҳарчада эркин яшагани сабабларини суриштирмоқда.

Покистон эса Усама бин Ладин ўлимини олқишлаган, аммо АҚШни бундай амалиётни Исломобод расмийларидан маҳфий ўтказгани учун танқид қилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва АҚШ Бирлашган қуролли кучлари бош штаби раҳбари адмирал Майк Маллен бугун бу давлатда қиладиган чиқишида Покистон раҳбариятини террорга қарши кураш йўлида ҳаракатларни янада кучайтиришга чақириши кутилмоқда.