Карзай АҚШни сўнгги марта огоҳлантирди

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай АҚШ ҳарбийларини тинч аҳоли талафот кўрадиган амалиётлар ўтказишдан тийилишга чақирди.

Карзайнинг идораси эълон қилган баёнотда бу Вашингтонга “сўнгги огоҳлантириш” деб аталган.

НАТО учқичлари шанба куни Ҳелманд вилоятининг Навзад туманида уюштирган ҳужум оқибатида 10 нафар бола, икки аёл ва икки эркак нобуд бўлгани айтилмоқда.

Ҳужумга муносабат билдирган президент Карзай бундай амалиётлар “Афғонистон болалари ва аёлларини ўлдираётгани”ни таъкидлади.

НАТОнинг матбуот вакили майор Тим Жеймс воқеа юз берган жойда текширув олиб борилаётганини билдирди.