Германия ўз атом станцияларини ёпишга қарор қилди

Германиядаги йирик ядровий иншоотлардан бири бўлган Некарвестҳейм атом станцияси.

Германияда иқтидорда бўлган ўнг-марказ коалиция 2022 йилга қадар мамлакатда бўлган барча атом станцияларни ёпиш тўғрисидаги режани маъқуллади.

Кейинги 10 йиллар давомида Германияда хавфсизлиги боис ёпилиши сўралаётган ядровий иншоотлар тўғрисидаги мунозараларга март ойида Японияда содир бўлган табиий офат туфайли юзага чиққан Фукусима-Дайичи атом станцияси фожеаси нуқта қўйди.

Бу қарори билан Германия ядровий энергиядан воз кечган илк қудратли давлат бўлди.

Германиянинг атоф-муҳит масалаларига масъул вазири Норберт Роеттгенга кўра, 2021 йилга бориб ҳозир ишлаб турган 6 та, 2022 йилга бориб эса сўнгги 3 та реактор ёпилади. Япониядаги табиий офатдан один ва кейин ёпилган 8 та реактор эса қайта ишга солинмайди.

Ҳозир Германия энергияга бўлган эҳтиёжининг 20 фоизини атом станциялар ҳисобига қондирмоқда. Станцияларни ёпишга қаратилган режага мувофиқ ҳозир энергияни кўпроқ заҳира қилиш ва 2022 йилга қадар энергия олишнинг муқобил йўлларини ишга солишни кўзда тутилмоқда.