Ҳиротда Италия ҳарбий базасига ҳужум қилинди

Ҳудкуш ҳужумчи бугун Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятида жойлашган Италия ҳарбий базаси дарвозаси ёнида бомба жойлаштирилган автомобилини портлатди.

Италия Мудофаа вазирлиги ушбу теракт чоғида бу давлат ҳарбийларига ҳеч бир зиён етмаганини билдирди. Аммо, Афғонистон Ички ишлар вазирлиги берган хабарга кўра, италиялик бир аскар жароҳатланган.

Яна бир бомба Ҳирот шаҳри марказидаги гавжум чорраҳалардан бирида портлади ва афғон полицияси берган маълумотга кўра, портлаш чоғида бир полициячи ҳамда 3 нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлган.

Ҳирот Афғонистон ғарбидаги йирик шаҳарлардан биридир ва шу йил июл ойида бу шаҳар назоратини халқаро қўшинлардан тўлиқ афғон қўшинларига ўтказиш режалаштирилган.