Яман ҳарбийлари Зинжибар шаҳрини ҳаводан ўққа тутди

Яманда тинч аҳоли вакиллари ҳукумат ҳарбийлари Зинжибар шаҳрини ҳаводан ўққа тутганини хабар қилмоқда.

Хабарларга кўра, соҳилбўйида жойлашган шаҳар жума куни исломий жанггарилар қўлига ўтган.

Бугун бу шаҳарда ҳарбийлар автокарвони жанггарилар қўйган пистирмага учради ва оқибатда, 4 аскар ўлди, яна бир нечаси жароҳатланди. Бу жанггари гуруҳнинг Ал-Қойдага алоқаси борми ёки йўқми, бу ҳақда ҳали аниқ маълумот йўқ.

Яман муҳолифати сафида бўлган диссидент генераллар гуруҳи президент Али Абдуллоҳ Солиҳни бу шаҳар жанггари гуруҳлар қўлига ўтиб кетганига масъул, деб айблади ва мамлакат ҳарбийларини тўрт ойдан буён президент истеъфосини сўраётган намойишчилар томонига ўтишга чақирди.