Стивенсон Роғун бўйича қарашларини ўзгартирмайди

Европарламент вакили Струан Стивенсон Роғун ГЭСи қурилишидан Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар манфаат топади, деган фикрда.

“Роғун ГЭСи тарафдори” ўлароқ танилган Европарламент вакили Струан Стивенсон икки кунлик сафар билан Душанбега борди.
30 май куни Тожикистон пойтахтига етиб келган Европарламент экологлар гуруҳи раҳбари Струан Стивенсон “Ғарб Роғун қурилиши тарафдори” эканини яна бир бор таъкидлади.

- Бу гал ҳам Роғун ГЭСи майдонига бориш ва менинг ўтган йилги сафаримдан буён у ерда қандай ўзгаришлар бўлганини билишни истайман. Негаки, яқинда Европа парламентида Роғун лойиҳаси ва Марказий Осиёдаги дарёлар юқориси ва қуйисида жойлашган давлатлардаги сув билан боғлиқ вазият борасида маъруза қиламан, -деди Европарламент вакили Струан Стивенсон.

30 май куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан мулоқотдан сўнг Тожикистон қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров билан ҳам юзма-юз суҳбатлашган ғарб мулозими Стивенсон жаноблари Роғун ГЭСи қурилишига доир ўз позитив қарашларини ўзгартирмаслигини билдирди. Чунки, унингча, Роғун ГЭСи минтақавий аҳамиятга моликдир.

- Минтақада сув заҳираларидан фойдаланиш борасида баҳс тобора авж олиб бораётгани ортидан Роғун қурилиши атрофида ҳам келишмовчиликлар кучаймоқда. Лойиҳага қарши бўлган Ўзбекистоннинг бу йўналишда ўз далиллари бор. Лекин Ўзбекистон ва минтақа бошқа давлатлари Жаҳон банки экспертлари натижасини кутишлари лозим бўлади. Аммо, менинг фикримча, Роғун лойиҳаси минтақанинг барча давлатлари учун зарарсиз ва улар учун манфаатли бир лойиҳадир, - дейди Европарламент расмийси Старун Стивенсон.

Шунингдек, Стивенсоннинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё давлатлари, Афғонистон ва Покистонда террорчилик ҳамда наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кураш йўлида ижобий натижаларга эришиши бевосита Роғун ГЭСи қурилишига боғлиқдир.

Тожикистон парламентининг экология комиссияси раиси Рустам Латипов Европарламент вакилининг Роғун ГЭСи Афғонистон ва Покистон иқтисодиётининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшишига оид фикрларида жон борлигини айтади.

- Стивенсон жаноблари айтганидек, ҳақиқатан мазкур лойиҳадан биргина биз тожиклар эмас, балки қўшни республикалар ҳам катта фойда кўриши табиий. Хусусан, Ўзбекистон ва дарёлар қуйисидаги бошқа давлатлар йил давомида сув заҳираларидан етарлича фойдаланиш имконини қўлга киритади. Ўз навбатида, арзон электр билан таъминланиш ортидан Афғонистон ва Покистон иқтисодиёти ривожланади. Янги иш ўринлари, ривожланаётган иқтисодиёт террорчилик ва наркотиклар ноқонуний савдосига жиддий зарба беради, - дейди Тожикистон парламенти вакили Рустам Латипов.

Европарламент вакили Струан Стивенсон биринчилардан бўлиб Роғун лойиҳасини очиқдан-очиқ қувватлаган ғарб сиёсатчиларидан биридир.

Ўтган йил сентябр ойида илк бор Тожикистонга келган Европарламент экологлар гуруҳи раҳбари Стивенсон ЕХҲТ таклифига биноан Марказий Осиё сув заҳиралари билан боғлиқ вазият ва Роғун лойиҳасига бағишланган 350 саҳифали ҳисобот тайёрлаган эди.

Ўз ҳисоботида Струан Стивенон ғарб давлатларини Имомали Раҳмоннинг энергетикага оид сиёсатини қувватлашга чақирганди.

Тожикистон сиёсий доираларида “Роғун лойиҳасининг европалик тарафдори” сифатида танилган Струан Стивенсон мулоҳазасича, “Тожикистон ўзига хос хусусиятлари билан Ғарбнинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори бўлиши лозим, чунки у дунёнинг стратегик муҳим ҳудуди марказида жойлашган”.

30 май куни Тожикистон қуйи палатасига ташрифи чоғида Струан Стивенсон Буюк Британия Бош вазири Девид Камерон ва ғарб айрим мулозимлари билан ўзаро ёзишмаларида ҳам бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашганини билдирди.

Шуни ҳам айтиш лозимки, келгуси ҳафтада Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмоннинг Европага сафари кутилмоқда. Ўз сафари давомида тожик президенти европалик қатор мулозимлар билан мулоқотлар ўтказиши айтилмоқда.

Аснода мустақил таҳлилчилар ғарб дунёсида бақувват ҳомийга эга бўлаётган Тожикистон ҳукумати Роғун лойиҳаси борасида қўшнилар, жумладан, Ўзбекистон ҳукумати тавсияларини назар-писанд қилмай, ўз билганидан қолмаётганини урғуламоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Роғун лойиҳаси минтақа экологияси учун тузатиб бўлмас зарарлар етказиши мумкинлигидан дунё давлатларини тинмай огоҳлантириб келаётган Ўзбекистон томони Жаҳон банки экспертларининг Роғун лойиҳаси юзасидан халқаро экспертиза натижалари эълон қилинмагунча Роғунда тиклаш ва қурилиш ишларини тўхтатиб туришни тавсия қилган эди.

Айни пайтда Тожикистондаги “Ховар” давлат ахборот агентлиги Европарламент вакили Струан Стивенсон 31 май куни эрталаб президент Имомали Раҳмон билан биргаликда Роғун ГЭСи майдонидаги қурилиш ишлари ва у ерда меҳнат қилаётган ишчилар шароити билан яқиндан танишганини хабар қилди.