НАТО Ливиядаги миссия муддатини 90 кунга узайтирди

Ливиянинг Тажура минтақасидаги ҳарбий объектга НАТО кучлари зарба берган пайт, 2011 йил 24 май

28 давлат аъзо бўлган НАТО кучлари, БМТ мандатига мувофиқ, Ливияда парвоз таъқиқланган зона тартибини жорий қилиш ва тинч аҳолини Муаммар Қаддафийга содиқ кучлардан ҳимоя қилиш миссиясини амалга оширмоқда.

НАТО бу вазифани 31 март куни Франция, Британия ва АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларидан қабул қилиб олган.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен видео баёнотида, қабул қилинган қарор НАТО ўз миссиясини тўлиқ амалга оширишга бел боғлаганини кўрсатишини айтди.

- НАТО ва иттифоқчилари ҳозиргина Ливиядаги миссияни 90 кунга узайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарор Қаддафий режимига биз Ливия халқини ҳимоя қилиш миссиямизни давом эттиришга бел боғлаганимизга аниқ муждадир. Биз БМТ мандатини изчиллик билан амалга оширамиз. Мақсадга етмагунимизча босимни кучайтирамиз, дея баёнот берди НАТО Бош котиби.

НАТО Ливия кучлари ва қўмондонлик марказларига ҳужумларни кучайтирганига қарамай, Қаддафийга содиқ кучлар ва унинг режимига қарши курашаётган исёнчилар ўртасидаги жангларда ҳеч бир томон устунликка эриша олмаяпти.