Триполида яна бир неча портлаш овози эшитилди

Ливия расмийси Муаммар Қаддафий қароргоҳидаги НАТО кучлари яксон қилган кутубхона ёнида.

Ўтган тунда Ливия пойтахти Триполи шаҳрида бир неча маротаба портлаш овози эшитилди.

Дастлабки тўрт портлаш сўнгги кунлар ичида НАТО кучлари томонидан ҳаводан ўққа тутилган Триполи марказида эшитилгани айтилмоқда.

Ярим тундан сўнг эса шаҳарнинг Муаммар Қаддафий қароргоҳи жойлашган қисмидан яна тўрт бора портлаш овози эшитилган.

Бу ҳудуддаги ҳарбий баракларга сўнгги ҳафта ичида бир неча бор ҳужум қилинган эди. Ҳозирча портлашни ким содир этганига оид аниқ маълумотлар йўқ.

Аммо, ҳафта аввалида Ливия ҳукумати матбуот вакили Мусса Иброҳим НАТОнинг 19 мартда бошлаган ҳаво ҳужумлари давомида 26 майга қадар жами 718 фуқаро ўлдирилгани, 4 минг 67 нафари жароҳатлангани ҳақида баёнот берган эди.