Москвада мигрантларнинг иккинчи ер ости “шаҳарчаси” топилди

Россиядаги марказий осиёлик мигрантлар

Полиция ходимлари Москва ғарбидаги дарахтзорлар бўлган Верейск кўчасида марказий осиёлик ноқонуний мигрантларнинг махфий “шаҳарчаси”ни топди.

"Говорит Москва" радиостанцияси хабарига кўра, у ерда турар жой бинолари, ҳаммом, хожатхона бўлган ва хатто қорамол сақланган.

Мигрантлар водоканал қувури сувидан ноқонуний равишда фойдаланган.

Ҳудуд доим тозалаб турилган, ёнғин хавфсизлигига риоя қилинган ва тартиб учун Али исмли шахс масъул бўлган.

Россия полицияси яширин туйнук орқали кириш мумкин бўлган ўша жойда юзга яқин одамни ҳибсга олган.

26 май куни Москванинг Қозон темир йўл вокзали яқинида ҳам шунга ўхшаш жой топилган эди.