Яман президенти даволаниш учун Саудияга кетди

Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ

3 июн куни президент саройига уюштирилган ракета ҳужуми пайтида жароҳатланган Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ даволаниш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Яманни 30 йилдан ортиқ вақтдан бери бошқариб келган Солиҳга қарши сўнгги ойларда аҳоли ва қабилалар норозилиги кучайиб бораётган эди.

Яман энг камбағал араб давлати ҳисобланади. Мамлакатда ўртача иш ҳақи кунига икки доллардан кам.

Яқин Шарқ давлатларидаги халқ исёнлари Яманда ҳукуматга қарши норозиликлар кучайишига сабаб бўлди.

Кўрфаз давлатлари Солиҳ ва мухолифат ўртасида ҳокимиятни тинч йўл орқали топшириш ҳақида келишув ишлаб чиқди.

Бироқ Солиҳ сўнгги дақиқаларда келишувдан воз кечди.

Ҳозир Яманда Саудия воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув амал қилмоқда.

4 июн куни Яманда тўқнашувлар бўлгани тўғрисида хабарлар олинмади.