ХВЖ собиқ раҳбари ўзига қўйилган айбловларни рад қилди

Халқаро валюта жамғармаси собиқ раҳбари Доминик Стросс-Кан ўзига нисбатан илгари сурилган меҳмонхона ходимасини зўрлашга уринганлик айбловларни рад этди.

Нью Йорк жиноят ишлари судида бораётган маҳкамада Стросс-Канга нисбатан еттита айблов, жумладан, зўрлашга уринганлик айблови ўрганилмоқда.

Нью Йорк прокурорлари Стросс-Канни Манхэттандаги “Софител” меҳмонхонасининг 32 яшар ходимасига 14 май куни жинсий тажовуз қилганликда айблаган.

Доминик Стросс-Кан ҳибсга олингунига қадар дунёнинг кўзга кўринган иқтисодчиларидан бири эди.

Унинг келаси йил Францияда ўтказиладиган сайловда президентликка номзодини қўйиши кутилаётган эди.

Стросс-Кан ҳибсга олинганидан сўнг лавозимидан истеъфо берди. Ҳозир у бир миллион АҚШ доллари миқдоридаги гаров эвазига Нью Йирокда уй қамоғида сақланмоқда.