Халқаро Амнистия ва ҲРУ Ўш қирғини ҳақида ҳисобот эълон қилди

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қирғизистон жанубида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида рўй берган қонли воқеалар учун масъул шахслар жавобгарликка тортилмаса, бундай воқеалар такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Қирғизистон жанубида 2010 йил 10 июнида бошланган қонли воқеаларнинг бир йиллиги муносабати билан Халқаро Амнистия ташкилоти чиқарган ҳисоботда фожиа учун масъул шахсларнинг жавобгарликка тортилмаганига “миллатчилик ва коррупция” сабаб бўлгани айтилади.

Ўш, Жалолобод ва Қирғизистон жанубидаги бошқа минтақаларда рўй берган қонли тўқнашувларда 470 дан ортиқ одам нобуд бўлган.

Халқаро Амнистия маълумотига кўра, зўравонликлар қурбонларининг 75 фоизи ўзбеклар бўлган.

Кўрилган моддий зарарнинг 90 фоизи ҳам ўзбекларга тўғри келган.

Халқаро Амнистия ташкилоти расмий маълумотларга асосланиб, зўравонликлардан кейин ҳибсга олинган 271 кишидан 230 нафари ўзбеклар, атиги 29 нафари қирғизлар экани алоҳида қайд этилади.

Айни пайтда Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти эълон қилган "Бузуқ адолат" номли ҳисоботда "асосан ўзбекларга қарши қаратилган сохта терговлар ярашув уринишларига путур етказиши ва келгусида янги зўравонликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган тарангликларга ҳисса қўшиши" таъкидланади.