Роза Ўтунбаева: Арифметикадан сиёсат ясаманг

Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаева Ўш қирғини юзасидан олиб борилаётган тергов жараёнида асосан ўзбеклар нишонга олинаётгани борасидаги халқаро ташкилотлар хавотирлари юзасидан Озодлик мухбири саволига жавоб берар экан “арифметикадан сиёсат ясаманг” дея эътироз билдирди.

Австрия пойтахти Венадаги иқтисдий форум доирасида кеча ўтказилган матбуот анжуманида Ўтунбаева бундай деди:

- Бугунга қадар 167 та жиноий иш кўриб чиқилди. Жавобгарликка тортилганлар орасида ҳақиқатан ўзбеклар сони қирғизларга қараганда кўп бўлиб чиқяпти. Лекин, бу ҳеч нарсани англатмайди, ҳали терговни кутяётган 3000та жиноий иш турибди. Сиздан илтимос қиламан, арифметикадан катта сиёсат ясаманг,- деди Ўтунбаева.

Ҳозир мамлакат маҳкамаларида 167 та жиноий иш кўриб чиқилаётган бўлса, улардан 80 фоизига яқини ўзбеклар ҳиссасига тўғри келишини айтмоқда халқаро ташкилотлар.

Қирғизистон жанубида бир йил аввал рўй берган воқеалар бўйича суриштирув олиб борган халқаро комиссия июн ойидаги зўравонликлардан жабр кўрганларнинг 75 фоизи ўзбеклар бўлишса-да, очилган жиноий ишларнинг 80 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келиши, бу нарса тузатилмоғи лозимлигини тавсия этганди.