Ҳисобот кўп. Натижачи?

Қирғизистон парламенти Ўш қирғини юзасидан халқаро ҳисоботларни тан олмаслигини билдирган.

Ўш қирғинидан сўнг халқаро ва маҳаллий даражада фожеа тафсилотлари ўрганилди. Бу ҳисоботларнинг принципиал жиҳатлари нималардан иборат?
Ўш қирғини юзасидан биринчи ҳисоботни Қирғизистон миллий комиссияси жорий йил аввалида эълон қилган эди. Шундан сўнг Халқаро комиссия ҳам Ўш қирғини тафсилотларини ўрганди. Халқаро комиссия ўз ҳисоботини эълон қилгач, мазкур комиссия раиси Киммо Килюнен Қирғизистон парламенти томонидан мамлакатда исталмаган шахс сифатида эълон қилинди.

Амнисти интернэшнл, Хюман Райтс Уотч халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари тадқиқотлари ҳам жамоатчиликка тақдим этилди.

Ўш қирғининиг бир йиллиги арафасида Қирғизистон парламенти махсус комиссияси ҳам ўз ҳисоботини эълон қилди.

Бу ҳисоботларнинг принципиал жиҳатлари нималардан иборат?

Ўш қирғинини ўрганган барча комиссиялар ҳисоботларидаги рақамлар деярли бир ҳил: Ўш қирғинида 500 га яқин одам қурбон бўлди, улардан 74 фоизи ўзбек, 25 фоизи қирғиз ва 1 фоизи бошқа миллат вакилларидир. Айни пайтда Ўш қирғини кунлари қотилликларда ва бошқа жиноятларда айбланиб қўлга олинганларнинг 80 фоизи ўзбеклардир.

Қирғизистон Миллий комиссияси ва Халқаро комиссия ҳисоботларининг яна бир ўхшаш жиҳати бор: Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида айбланаётган ўзбек лидерлари чиқишида автономия талаб қилиш ёки айрмачилик кайфиятлари бўлмаган.

Мана шу билан маҳаллий ва халқаро комиссияларнинг ўхшашлик жиҳатлари тамом бўлади.

Маҳаллий комиссиялар ва халқаро ташкилотлар комиссиялари Ўш қирғинининг келиб чиқиши сабабларини турлича талқин қиладилар.

Халқаро комиссия раиси Киммо Килюненнинг айтишича: “Бу фожеанинг битта асосий сабаби бор. Бу ҳам бўлса этномиллатчиликка асосланган сиёсий фанатизмдир”.

Халқаро комиссия Ўш қирғинини инсониятга қарши жиноят деб баҳолайди. Айни мана шу икки эътироф комиссия раҳбари Киммо Килюненнинг қирғиз парламенти томонидан мамлакатда исталмаган шахс деб эълон қилинишига сабаб бўлди.

Куни кеча ўз ҳисоботини эълон қилган парламент махсус комиссияси эса Ўш қирғинининг асосий сабабчиси сифатида ўзбекларни айблайди.

- Ўшдаги миллатлараро низо Ботиров, Салоҳутдинов, Абдуллаева ва бошқалар томонидан олдиндан режалаштирилган, - деб эълон қилди парламент комиссияси раиси Тўқўн Мамитов.

Киммо Килюнен раҳбарлигидаги халқаро комиссия ҳисоботининг маҳаллий ҳисоботлардан фарқи шундаки, халқаро ташкилотлар Ўш қирғини тафсилотларини “Фожеа нега содир бўлди ва унинг такрорланмаслиги учун нима қилмоқ керак?” деган саволга жавоб топиш мақсадида ўрганган.

Миллий ва парламент комиссиялари ҳисоботларида эса “Ўш қирғинида ким айбдор?” деган савол асосий йўналишдир.

- Айбдорларни излаш, айни мана шу одамлар гуноҳкор деб иддао қилиш, қирғиз матбуотида пайдо бўлаётгани каби асосиз айбловлар билан кимларнидир қоралаш парламент комиссияси ҳисоботидан ўрин олмаслиги керак эди, деб ҳисоблайман, -деди бу борада чиқиш қилган Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева.

Амнисти интернеэшнл ва Хюман райтс уотч ташкилотлари 8 июн куни ёйинлаган ҳисоботларида эса асосий урғуни Ўш қирғинидан сўнг Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари, асосан ўзбек аҳолиси ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётганига қаратади. Қирғизистон миллий комиссияси ва парламент комиссияси хулосаларида эса бу соҳага эътибор қаратилмаган.