Ямандаги тўқнашувларда ўнлаб одам нобуд бўлди

Яман армияси аскарлари.

Яманнинг Мудофаа вазирлиги мамлакат жанубида содир бўлган тўқнашувда камида 10 нафар аскар ва Ал-Қоида жанггарилари экани тахмин қилинган 21 киши ўлганини маълум қилди.

Қуролли тўқнашув Абян вилоятидаги аксар қисмини жанггарилар назорат қилаётган ва ҳарбийлар қуршовга олган Зинжибар шаҳрида рўй берди.

Айни пайтда Абян вилоятининг Лодер шаҳри яқинида ҳарбий карвонга пистирмадан уюштирилган ҳужум натижасида “террорчи” экани айтилаётган уч шахс ўлдирилган. Воқеада бир аскар яраланган.

Президентлик саройига уюштирилган ҳужум пайтида жароҳатларган Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ ҳозир Саудия Арабистонида даволанмоқда.

АҚШ Ал-Қоиданинг Ямандаги гуруҳлари пайтдан фойдаланиб мамлакатда беқарор вазият юзага келтириши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирди.