Туркияга қочиб ўтган сурияликлар сони 4000 дан ортди

Туркия расмийларига кўра, тўрт мингдан зиёд суриялик ҳукумат кучлари таъқибларидан қочиб, турк чегарасини кесиб ўтган.

Рўйхатга олинмаган қочқинларни ҳам қўшиб ҳисобласа, улар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Ҳукумат қўшинларининг Жиср ал-Шуғур шаҳарчасига юриши ортидан минглаб одам шимолга қоча бошлаган.

Бу шаҳарда аввалроқ хавфсизлик кучлари ходимларидан 120 нафари ўлдирилгани хабар қилинган.

Қочаётганлар ҳукумат кучлари бунинг учун улардан қасос олишидан қўрқаётганликларини айтишади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, Сурияда намойишлар бошланганидан буён 1300 нафар киши, асосан, қуролсиз тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган.