Сурияни қораловчи резолюция қабул қилинганича йўқ

БМТ Хавфсизлик кенгашида Сурия режимига қарши резолюция лойиҳасига доир муҳокамалар боши берк кўчага кириб қолди.

Хавсизлик кенгашида вето ҳуқуқига эга Россия ва Хитой Сурия ҳукуматини қораловчи резолюцияга қарши эканини билдириб, шанба куни резолюция муҳокамасига бағишланган йиғилишда иштирок этмадилар.

Британия, Франция, Германия ва Португалия таклиф қилаётган ва Сурия ҳукуматини репрессиларяни тўхтатиб, мухолифат билан мулоқот қилишга чорловчи резолюция лойиҳасини чоршанба куни АҚШ маъқуллаган эди.

Европа давлатлари Бразилия, Жанубий Африка ва Ҳиндистонни лойиҳани қўллашга чақириб, Россия ва Хитойдан эса лойиҳани овозга қўйиш жараёнида вето ҳуқуқидан фойдаланмасликни сўради.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Сурияда март ойида ҳукуматга қарши намойишлар бошланганидан бери 1200 киши ҳалок бўлган, камида 10 минг киши ҳибсга олинган.